Ishonch telefoni / Call center
+998 71 233 34 24 / +998 71 233 34 28

  • UZRUEN
  • uzbekistan flag uzbekistan emblem

Абадий халқ хотирасида

02.09.2016, 12:48 Yangiliklar 6091

Абадий халқ хотирасида

Н.З.Сайдалиева,

Тошкент давлат шарқшунослик институти,

“Ўзбекистонда демократик жамият

қуриш назарияси ва амалиёти”

кафедраси ўқитувчиси, ф.ф.н.

 

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон таълим тизимида яхши анаъана- янги ўқув йили “Мустақиллик дарслари”ни ўтказиш билан бошланар эди. Афсуслар бўлсинки, Ватанимиз бошига оғир мусибат тушди, ҳар бир ўзбекистонликнинг кўзида ёш ва юрагида дард билан севимли ва ардоқли бўлган, унга ишониб, кетидан эргашиб, Ватанимизни катта марраларга етаклаётган йўлбошчимиз, ишонган тоғимиз, мададкоримиз ва устунимиз – Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этди.  2016 ўқув йилининг “Мустақиллик дарси”лари муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ватанимиз равнақи, халқимиз олдидаги буюк хизматларини ёдга олиш мақсадида “Хотира дарси” билан бошланди.

Хар бир таълим-тарбия масканларида бу дарсларни ёшларга юқори савияда, чуқур ва кенг қамровли ёритиб бериш муҳим аҳамият касб этди. Дарсларда маърузалар ўқиш жараёнида видеолавҳалар, хужжатли фильмлардан парчалар, архив хужжатлардан намуналар келтирилди.  Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, дунёда “Ўзбек модели” деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган, буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди.

Халқимиз ўзининг қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб билади. Ислом Каримов ижодкори бўлган Истиқлол ҳаётимизнинг маъно- мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилди, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг ўтган 25 йиллик кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорликдан иборат даври бетакрор тараққиёт йўлимизнинг нечоғлик тўғри эканлигини исботлаб келмоқда. Давлат, жамият ва ҳар инсон ҳаёти фаровонлашмоқда. Бугунги кундан мамнунлик ва шукроналик, ўз иқболи, истиқболи, эртанги кунига ишонч, юртбошимиз белгилаб берган истиқлол йўлига эътиқод ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбига, ҳаётига, фаолиятига сингиб бораяпти. Давлатимиз рахбарининг 25 йил аввал “Ишонинглар Ўзбекистоннинг келажаги албатта буюк бўлади”деган давъаткор сўзлари ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз исботини топаётганини бугун хеч ким инкор эта олмайди.

“Халқи шижоатли, бунёдкор, янгиликни ўз вақтида илғаб, уни ҳимоя қила оладиган мамлакатнинг келажаги буюк бўлади. Чунки ҳар қандай буюклик халқ даҳоси, халқ қудрати, халқнинг беқиёс иродаси билан дунёга келади. Мен ҳар доим мамлакатимиз ва халқимиз ҳақида ўйлаганимда унинг сиймосида ана шундай бунёдкорни кўраман ва фахрланаман”. –деган эди юртбошимиз.

Дархақиқат, мустақиллик ҳеч кимга қарам бўлмасдан, миллий манфаатларимиз, узоқ ва бардавом мақсадларимизни кузлаб яшаш ҳамда меҳнат қилиш имконини берди.

Бугун биз тарихан қисқа даврда эришган бемисл ютуқларимиз замирида халқимиз меҳнатсеварлиги,  фидойилиги, мустахкам иродаси, бағрикенг ва эртанги кунига бўлган мустахкам ишончи мужассам.

Бундан 25 йил аввал ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, Истиқлол меъмори, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигида аввало, миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳатларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели”деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ҳамда ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри эканини ҳаёт тасдиқлаб бермоқда.

Истиқлол берган имкониятлар туфайли тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида мамалакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси ўзгариб, кўрки очилиб бормоқда. Шаҳару қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этиб, турмушимиз кун сайин обод ва фаровон бўлиб бормоқда. Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси сифатида ҳар биримизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Тарихан қисқа муддатда эришган беқиёс ютуқ ва марраларимиз жаҳон миқёсида кенг эътироф топди. Собиқ тузум даврида бизни билмаганлар, биз ҳақимизда эшитмаганлар ҳам бугун юртимизга келиб, тобора юксалиб бораётган иқтисодиётимиз, фаровон турмушимизга ҳавас қилмоқда, илғор тажрибаларимизни, ўзимизга хос ва ўзимизга мос мустақил тараққиёт йўлимизга қизиқиб бормоқда.

Кўплаб давлатлар жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан ҳали-ҳамон азият чекаётган бир пайтда Ўзбекистонимизда барча соҳаларда юксалиш, тараққиёт кузатилмоқда, одамларнинг турмуш фаровонлиги муттасил ўсиб бормоқда. Ўзбекистон бир пайтлардаги қолоқ аграр республикадан саноати жадал ривожланаётган, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланди. Энг муҳими, ғоявий асосчиси бўлган Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳаётга татбиқ этилиб, эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлод янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етмоқда Айни шундай ёшларни ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлаш давлат ва жамиятнинг устувор вазифаси даражасига кўтарилгани нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўла бормоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети олимлари 158 та мамлакатга бориб, ижтимоий тадқиқотлар ўтказишган. Тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ўзбекистонимиз 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани эгаллади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани тан олинди.

“Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш нрогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани албатта барчамизга мамнуният етказади.

Бундан ташқари, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди”.

Айниқса, дунёда ўхшаши кам бўлган Сургил комплекси, Ангрен-Поп темир йўлидаги дунёда узунлиги бўйича 13, қурилишининг мураккаблиги бўйича 8-ўринда турадиган 19,2 километрлик туннелнинг очилиши, Тошкентдан Бухоро шаҳрига “Афросиёб” тезюрар поезди ва Фарғона водийсига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган вагонлардан иборат йўловчи поездининг йўлга қўйилиши мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан халқимизга тўйига тўёна бўлди.

Самарқанд, Қарши, Бухоро шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поездининг елиб бораётгани халқимизни мамнун қилмокда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, барча соҳаларда бунёдкорлик.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида яқинда бўлиб ўтган XXI Ёзги Олимпия ўйинларида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза медалларнинг қўлга киритилиши болалар спортини ривожлантиришга қаратилган сиёсатимизнинг улуғ ғалабаси ва спортчи ёшларимизнинг Ватанимизнинг 25 йиллик тўйига муносиб тўёнаси бўлди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бунёдкорлик йўлида амалга ошираётган ишларимизнинг барчаси Юрт тинчлиги, Ватан ободлиги ва халқ фаровонлигига қаратилган Ўзбекистон республикасининг биринчи Президенти ислом Каримовнинг ғояси ва орзуси эди. Барча ғояларимиз ва амалий ишларимиз асосини ушбу ғоя ташқил этади. Ёшларимизни шундай бунёдкор ғоялар асосида тарбиялаш, етук ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш барча ишларимизнинг мезонига айланмоғи даркор.