Ishonch telefoni / Call center
+998 71 233 34 24 / +998 71 233 34 28

  • UZRUEN
  • uzbekistan flag uzbekistan emblem

Ўзбекистонлик педагог Япония ҳукуматининг фахрий ёрлиғига сазовор бўлди​

23.11.2019, 16:23 Yangiliklar 3376

Тошкент давлат шарқшунослик институтининг собиқ ректори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Абдураҳим Маннонов Япония ташқи ишлар вазирининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Шу муносабат билан ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазири Ином Мажидов, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Гулчеҳра Рихсиева, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма, JICA ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунэо Такасака, шунингдек, элчихона ходимлари, институтнинг япон филологияси кафедраси профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Япония ташқи ишлар вазирининг фахрий ёрлиғи Япониянинг бошқа давлатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш соҳасидаги хизматлар эътирофи сифатида жисмоний шахслар ёки ташкилотларга берилади.
Кўп йиллар Тошкент давлат шарқшунослик институтида фаолият олиб борган Абдураҳим Маннонов кунчиқар юрт билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, хусусан, япон тилини ўқитиш масалаларини ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшган. Бундан ташқари, олим Ўзбекистон ва Япония олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида турли конференциялар ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, мамлакатларимиз талаба, профессор-ўқитувчилари ўртасида ахборот, таълим ва тажриба алмашиш жараёнини ривожлантиришга ҳаракат қилган. Натижада институт билан Япониянинг Цукуба, Васэда, Хосэй, Гайдай, София, Аичи университетлари ҳамда Токио хорижий тиллар университети ўртасида мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган.
А.Манноновнинг Япония элчихонаси томонидан ўтказиладиган турли тадбирларни уюштиришга кўмаклашиш орқали таълим соҳасидаги ўзаро келишувларни амалга оширишдаги хизматларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, бугунги кунда турли йўналишлар бўйича эришилган 4 та келишув асосида ҳамкорликдаги лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон япон тилини ўрганиш бўйича дунёдаги энг фаол давлатлардан бири саналади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли даражадаги 15 та ўқув юртида 1 минг 700 дан зиёд ёш ушбу тилни ўрганмоқда. Бу борада Тошкент давлат шарқшунослик институти етакчи ўринни эгаллайди. Масалан, япон тилида нотиқлик санъати бўйича 27-республика танловида мазкур олий ўқув юрти талабаси ғолиб бўлди. Яқинда институтнинг япон филологияси кафедраси негизида японшунослик факультети очиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Жуда кўп соҳалар қатори таълим йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

zbekistonlik_pedagog_yaponiya_ukumatining_fakhriy_yerli_iga_  20

Манба: Уз.А